Aфинада Қозоғистон Давлат байроғини тантанали кўтариш маросими бўлиб ўтди
15 Декабрь 17:52

Aфинада Қозоғистон Давлат байроғини тантанали кўтариш маросими бўлиб ўтди

AFINA. Кazinform - Греция пойтахти Aфина шаҳрида Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида Қозоғистон Давлат байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

Тадбирда Греция Республикаси Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас, Aттика вилояти губернатори Георгиос Патулис, Греция Парламенти депутатлари, пойтахт муниципалитетлари мэрлари, шунингдек, ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

Қозоғистон ТИВ хабарига кўра, Греция Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас қозоғистонликларни мустақиллик байрами билан табриклаб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожланишидаги ижобий динамикани қайд этди.


Вазирнинг сўзларига кўра, Мустақиллик йилларида Қозоғистон минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик марказига айланди. У Қозоғистон ва Грециянинг асосий халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича қарашлари муштарак эканлигини мамнуният билан қайд этди.

«Грек дипломати, шунингдек, халқ дипломатияси муҳимлигини таъкидлаб, Қозоғистондаги ўн минглаб грек диаспораси ва Қозоғистондан қайтган саксон мингга яқин этник греклар икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим бирлаштирувчи омил еканини таъкидлади», — дейилади Қозоғистон ТИВ хабарида.



Ўз навбатида, Қозоғистон Элчиси Ерлан Баударбек-Кожатаев Ташқи ишлар вазири Н.Дендиаснинг тантанали маросимда иштирок этиши Греция раҳбарияти Қозоғистон билан кенг кўламли масалалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини кўрсатишини таъкидлади. Элчи келгуси йилда Қозоғистон ва Греция ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида бир қатор оммавий ва маданий тадбирларни ташкил этиш бўйича қўшма режалар ҳақида маълумот берди.


Маросим доирасида «Қозоғистон Республикаси Мустақиллигига 30 йил» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Йиғилишда сўзга чиққанлар орасида Aхарнес шаҳри мэри Спиридон Вреттос, асли Чимкентлик, Греция Парламенти депутати ва Греция қонун чиқарувчи органидаги энг ёш аёл Мария Aпатзиди, Қозоғистоннинг Грециядаги фахрий консуллари ва бошқа меҳмонлар бор эди.


Тадбир давомида миллий чолғу асбоблари ижросидаги мусиқий чиқиш ташкил этилди. Меҳмонларда, айниқса, қозоқ куйларининг мусиқий поппурилари, жумладан, машҳур грек рақси Сиртакининг дўмбирада ижро этилиши катта қизиқиш уйғотди.



Янгиликлар

Архив