АҚШ университети билан сув ресурсларидан фойдаланиш технологиялари ишлаб чиқилмоқда – ҚР Ҳукумати
20 Май 21:49

АҚШ университети билан сув ресурсларидан фойдаланиш технологиялари ишлаб чиқилмоқда – ҚР Ҳукумати

NUR-SULTAN. Kazinform – М.Дулати номидаги Тараз минтақавий университети Небраска университети (АҚШ) билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш технологияларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Бош вазир Алихан Смаилов Сенат депутатлари саволига жавобан маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Сув хўжалигининг барча йўналишлари ва даражалари бўйича малакали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш мақсадида 2020 йилда М.Дулати номидаги Тараз минтақавий университетида сув ресурслари институти очилди. Институтда таълим бакалавриат ва магистратура йўналишларида ўқув трансфер дастурлари доирасида амалга оширилади», — деди Бош вазир.

Алихан Смаиловнинг айтишича, институт негизида «Академик малака ошириш маркази» очилган. Унинг асосий вазифаси сув ресурсларини бошқаришда янги технологияларни ўрганиш ва уларни ўқув жараёнига интеграция қилиш учун илмий ташкилотлар, шунингдек, халқаро университетлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишдан иборат.

«Жумладан, Небраска университети (АҚШ) билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу ҳамкорлик асосида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш технологиялари ишлаб чиқилмоқда. Таклиф этилаётган технологиялар билан танишиб, уларни Қозоғистон шароитида қўллаш имкониятлари нуқтаи назаридан илмий ташкилотлар билан муҳокама қилингандан сўнг тегишли ўқув дастурлари учун модуллар ишлаб чиқилади», - деди Алихан Смаилов.

Шунингдек, 2030 йилгача сув ресурсларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепцияси лойиҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича таълим дастурларини, жумладан, инновацион фанларни модернизация қилиш кўзда тутилганлигини маълум қилди.

«Хусусан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кўмагида «Гидротехника иншоотлари қурилиши» таълим дастури ишлаб чиқилмоқда. Умуман олганда, сув хавфсизлиги масалалари Ҳукуматнинг алоҳида назоратида ва мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда», — деди Бош вазир.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив