Ақтау портига ЕХҲТнинг «яшил» сертификати берилди
18 Июнь 11:23

Ақтау портига ЕХҲТнинг «яшил» сертификати берилди

BRUSSELS. Kazinform – Қозоғистоннинг Ақтау порти ЕХҲТнинг «яшил» сертификатини олди. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида маълум қилинди, деб хабар беради Kazinform.

Ақтау денгиз савдо порти Қозоғистонда «Портларнинг экологик экспертизаси тизимлари» сертификати ва Европа денгиз портлари ташкилоти «Экопорт» мақомини олган биринчи порт бўлди.

Сертификатлаш ЕХҲТнинг портлар ва порт терминалларида атроф-муҳитни бошқариш бўйича халқаро эътироф этилган стандарти – «EcoPorts» лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

2019 йилда бошланган ЕХҲТ лойиҳаси денгиз ва трансконтинентал юклар инфратузилмасини ривожлантириш, рақамлаштиришни жорий этиш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва ўқитиш орқали божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган.



Қайд этилишича, мазкур сертификат Европа портлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва портларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, Каспий денгизи минтақасидаги экологик вазиятни яхшилаш имконини беради.

«Қурик портида яшил сертификатдан ўтиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. Савдо йўллари ва етказиб бериш занжирларини халқаро сиёсий ва иқтисодий вазиятга мослаштириш доирасида жорий йилда Қозоғистон портлари хизматларига талаб кескин ўсди»

, — дейилади ТИВ хабарида.



Масалан, 2022 йилнинг беш ойи давомида Ақтау портида юкларни ўтказиш ҳажми 2021 йил учун умумий кўрсаткичнинг 97 фоизини ташкил этди (2022-йилнинг 5 ойида 1534 минг тонна, 2022 йил бошидан эса 1594 минг тонна), контейнерларни ташиш эса ҳозирнинг ўзида ўтган йилга нисбатан 115% га ўсди.

2022 йил бошидан буён Қуриқ портида юкларни ўтказиш ҳажми 2021 йилнинг умумий ҳажмидан 70 фоиздан ошди (2022 йилнинг беш ойида 700 мингдан ортиқ, 2021 йилда эса 1 миллион тонна).



Терминал хизматларига талаб ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, ҳозирда Ақтау портида Марказий Осиёда транспорт оқимларини ўзгартириш учун контейнер хаби қурилмоқда. Шунингдек, йил охиригача Ақтау-Боку-Ақтау йўналишидаги мавжуд 5 та фидерга қўшимча иккита ихтисослаштирилган контейнер ташувчини жалб этиш режалаштирилган.

Брюсселдаги тадбирда қозоғистонлик порт ходимларини Белгиянинг Антверпен портида инфратузилмани бошқариш бўйича ўқув курсларига юбориш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.



Бир кун аввал ТХКБ, ТРАСЕКА ва Қозоғистон портлари раҳбарларидан иборат делегация Антверпен портига техник ташриф билан келди. Белгиянинг порти дунёдаги 20 та энг йирик портлардан бири ва Европа Иттифоқининг Нидерландиядаги Роттердам портидан кейин иккинчи йирик портидир.


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив