Америка компаниялари биологик парчаланадиган пластмассага миллиардлаб сармоя киритмоқда
10 Август 15:55

Америка компаниялари биологик парчаланадиган пластмассага миллиардлаб сармоя киритмоқда

WASHINGTON. Кazinform - Компаниялар табиий, қайта тикланадиган материаллардан тайёрланган пластмасса ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун миллиардлаб доллар сармоя киритмоқда, улар керакли шароитларда хавфсиз тарзда утилизация қилинади, дея хабар беради Кazinform CBS Newsга таяниб.

i3 Cоnnect платформаси маълумотларига кўра, биопластика ишлаб чиқаришга сармоя 2022 йилнинг дастлабки уч ойида 500 миллион долларга етди ва 2021 йилнинг сўнгги чорагидаги 350 миллион доллардан ошиб кетди. Zion Мarket Research маълумотларига кўра, биопластика бозорининг даромади 2021 йилда 10,5 миллиард доллардан 2028 йилда тахминан 29 миллиард долларгача ошади.

Кентукки штатининг Винчестер шаҳрида жойлашган Danimer Scientific колза ёғи билан ферментланган микроорганизмлар ёрдамида PHА деб номланган биопластик ишлаб чиқаради. Натижада, нефть-кимё пластмассалари билан тенг маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган пластик гранулалар олинади.

Danimer бош директори Стивен Кроскрининг айтишича, Starbucks ва Dunkin Donuts қаҳвахоналарида PHА биопластикасидан тайёрланган сомон ва пластик ичимлик аралаштиргичлари қўлланилмоқда. Синовлар шуни кўрсатдики, PHА Danimer маҳсулотлари денгиз муҳитида олти ойдан кейин ва тупроқда икки йилдан кейин биологик парчаланиши мумкин.

Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида жойлашган NatureWorks, маккажўхори ва шакар қамишидан шакарни ферментациялаш натижасида олинган биопластик PLА ишлаб чиқарувчиси. Унинг Небраска штатининг Блер шаҳридаги заводи йилига 150 000 тонна биопластик гранулалар ишлаб чиқаришга қодир. NatureWorks Таиландда 600 миллион долларлик завод қурмоқда, бу эса уларнинг ишлаб чиқариш қувватини 50 фоизга оширади.

NatureWorks глобал маркетинг коммуникациялари бўйича менежери Лия Форднинг айтишича, компания боғлар ва фермер хўжаликларида тупроқни бойитиш учун органик материалга айлантирилиши мумкин бўлган пластик идишлар, стаканлар, ўрамлар ва идишлар ишлаб чиқаради.

PLА, PHА дан фарқли ўлароқ, табиатда осонликча биологик парчаланмайди. Уни саноат биологик парчаланадиган майдалагичларда озиқ-овқат чиқиндилари билан аралаштириш керак, акс ҳолда PLА парчаланиши учун ўнлаб йиллар керак бўлади.

Биопластик нефть ёки газ эмас, балки шакар ва крахмал каби манбалардан олинади. Уни ишлаб чиқариш жараёнида заҳарли чиқиндилар ҳосил бўлмайди. У узоқ вақтдан бери тиббиётда, масалан, организмда зарарсиз эрийдиган биопластик филаментдан тайёрланган тикувлар сифатида ишлатилган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 1950 йиллардан бери қазиб олинадиган ёқилғидан ишлаб чиқарилган 9 миллиард тонна пластмассадан фақат 9 фоизи қайта ишланган. Қолганлари ер ва сув ресурсларини ифлослантиради. Айни пайтда биопластика жаҳон пластик ишлаб чиқаришининг атиги 1 фоизини ташкил қилади.

Фото: cbsnews.cоm


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив