Астанада хусусий маблағлар ҳисобидан шамол электр станцияси қурилади

23 Сентябрь, 21:09
Астанада хусусий маблағлар ҳисобидан шамол электр станцияси қурилади

ASTANA. Kazinform – Астана ҳокими Алтай Кўлгинов Instagram саҳифасида пойтахтда шамол электр станцияси қурилиши ҳақида маълум қилди, дея хабар бермоқда Kazinform.

«Пойтахтимизда хорижий хусусий маблағлар ҳисобидан шамол электр станцияси қуришни режалаштирмоқдамиз. Бу борада Италиянинг ENI нефт-газ компанияси, ҚР Энергетика вазирлиги вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.

Шамол электр станциясининг қуввати биринчи босқичда 50 МВтни ташкил этади ва уни 100 МВт дан ошириш имконияти мавжуд.

Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги ушбу лойиҳа қўшимча сезиларли миқдорда электр энергиясини яратиш имконини беради. Шу тариқа келажакда қурилаётган туманлар электр энергияси билан таъминланади.

Бунинг учун жалб қилинган хорижий хусусий инвестициялар ҳажми 50 миллиард тенгега яқин. Ҳозирда техник-иқтисодий тадқиқот ишлаб чиқилмоқда.

Давлат раҳбари қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасини кенгайтириш ва мамлакатимиз электроенергетикасини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Чунки ҳозирда энергетика мамлакат иқтисодиётида катта ўрин тутади.

Президент 2030 йилга бориб мамлакатда «яшил» технологиялар улуши 15 фоизга ошиши кераклигини таъкидлади», — деб ёзади пойтахт ҳокими.


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар