Бортида Колумбия президенти бўлган вертолёт ўққа тутилди
26 Июнь 12:55

Бортида Колумбия президенти бўлган вертолёт ўққа тутилди

NUR-SULTAN. Kazinform – Колумбия президенти Иван Дуке Маркесни олиб кетаётган вертолёт Венесуэла билан чегара яқинида катта калибрли пулемётдан ўққа тутилди, деб ёзади Kazinform BBCга таяниб.

Вертолетда президент билан бирга мудофаа ва ички ишлар вазирлари, шунингдек вилоят ҳокими ҳам бор эди.

Президент матбуот котибининг айтишича, ҳеч ким жабрланмаган.

Иван Дуке ҳужум қилганларни қўрқоқ деб атади ва зўравонлик ва террористик ҳужумлардан қўрқмаслигини айтди.

«Бизнинг кучли давлатимиз бор, Колумбия бу каби таҳдидларга дош беришга қодир», - деди президент Twitterга жойлаштирилган видеомурожаатида.

Унинг қўшимча қилишича, хавфсизлик кучларига айбдорларни топиш буйруғи берилган.

Президент, вазирлар ва губернатор борган Колумбия-Венесуэла чегараси яқинидаги Кататумбо минтақасида «Миллий озодлик армияси» деб номланувчи сўл радикал гуруҳ мавжуд.

Унга 1964 йилда асос солинган. Гуруҳ ердан фойдаланиш ва бойликларни тақсимлашдаги тенгсизликка қарши курашни ўз мақсади сифатида кўрсатади.

Миллий озодлик армияси мамлакатдаги энг йирик исёнчилар гуруҳи деб ҳисобланади ва Колумбия, АҚШ ва Европа Иттифоқи уни террористик ташкилотлар рўйхатига киритган.

Янгиликлар

Архив