Бразилияда кучли сув тошқини оқибатида 117 киши ҳалок бўлди
18 Февраль 17:55

Бразилияда кучли сув тошқини оқибатида 117 киши ҳалок бўлди

NUR-SULTAN. Kazinform – Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штатидаги Петрополис шаҳри кучли ёмғир туфайли кўчки остида қолди. Табиий офат оқибатида камида 117 киши ҳалок бўлган, дея хабар бермоқда Kazinform Deutsche Welle нашрига асосланиб.

Петрополисда уч соат ичида 29 сантиметрдан ортиқ ёмғир ёғиб, 80 га яқин уйни вайрон қилди. Расмийларга кўра, 110 дан ортиқ одам бедарак йўқолган. Рио-де-Жанейро шимолида жойлашган шаҳар машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади.

Бразилия президенти Жаир Болсонару минтақадаги ҳаракатни тиклашга ёрдам бериш учун федерал маблағ ажратилишини айтди. Шунингдек, у Twitter саҳифасида фожиа ҳақида ёзган ва ёмғир қурбонлари учун дуо қилишни таклиф қилган.

«Вазият уруш давридагидек... машиналар ағдарилиб, устунларга осилган, ағдарилиб кетган, ҳамма жойни тупроқ ва сув босган», — деди Рио-де-Жанейро губернатори Клаудио Кастро.

Петрополис мерияси уч кунлик мотам эълон қилди.

Ўт ўчирувчилар ва маҳаллий фуқаро мудофаа гуруҳлари омон қолганларни кечаю кундуз қидирмоқда.

Петрополисда охирги марта бундай ёғингарчилик 1932 йилда ёққан.

Янгиликлар

Архив