Бугун Кazinform агентлиги ташкил топганига 102 йил тўлди
13 Август 10:53

Бугун Кazinform агентлиги ташкил топганига 102 йил тўлди

NUR-SULTAN. Кazinform – Бугун, 13 август куни мамлакатдаги энг қадимий медиа-ресурслардан бири – Kazinform халқаро ахборот агентлиги ўзининг 102 йиллигини нишонламоқда, деб хабар беради Кazinform.

1920 йилда РОСТАнинг Оринбор-Торғай бўлими негизида биринчи қозоқ ахборот агентлиги ташкил этилди. 2022 йилда мазкур ОАВ меросхўри «Кazinform» халқаро ахборот агентлиги «Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомплекси» НАЖ таркибига қўшилиш орқали қайта ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, 1925 йилда агентлик номи КазРОСТга ўзгартирилган. 1937 йилда эса «ҚазТАГ» номи билан Қозоғистон ССР Вазирлар Кенгашига тақдим этилди. Орадан 60 йил ўтиб, яъни 1997 йил 10 сентябрда Қозоғистон Республикаси Президентининг 3629-сонли Фармони билан «Қозоғистон ахборот агентлиги (КазАА)» республика бюджет корхонасига айлантирилди.

2002 йил 8 ноябрда Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 1186-сонли қарорига асосан КазААГ негизида «Қозоғистон ахборот агентлиги» миллий компанияси («ҚазАхборот МК») ташкил этилди. Агентлик 2008 йил 3 июлда Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 668-сонли қарорига асосан «Арна Медиа» Миллий ахборот холдинги» акциядорлик жамияти таркибига кирди. 2012 йил августидан 2014 йилгача «Қозоғистон» РТРК АЖ таркибида бўлган. 2014 йил январ ойида «Кazinform» мамлакатдаги биринчи халқаро ахборот агентлиги (ХАА) мақомига эга бўлди ва ўз тарихининг янги даврини бошлади. 2020 йилда «КазКонтент» АЖ «Кazinform халқаро ахборот агентлиги» АЖ таркибига кирди ва қайта ташкил этилди.

Бир асрдан кўпроқ вақт давомида агентлик сиёсат, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва ижтимоий ҳаётга оид ишончли ва тезкор маълумот манбаи сифатида обрўсини сақлаб келмоқда.

Кazinform янгиликлари қозоқ, рус, инглиз, хитой ва ўзбек тилларида тарқатилади. Қолаверса, хориждаги ватандошлар учун янгиликлар лотин алифбоси ва соддалаштирилган араб алифбосида тақдим этилади.

Жумладан, 2004 йил 14 февралда «Кazinform» миллий компаниясининг Қозоғистон бўлими Қозоғистонда биринчи марта лотин алифбосига асосланган давлат тилида янгиликлар беришни бошлади. Асос сифатида академик Абдулали Қайдар томонидан тайёрланган лотин графикаси намунаси олинди. Кейинчалик бу версия мутахассислар орасида «Кazinform нусхаси» деб номланди. Бунинг шарофати билан хориждаги кирилл алифбосини ўқий олмайдиган ватандошлар ўз тарихий ватанидаги воқеалардан хабардор бўлиш имконига эга бўлди.

«Кazinform»нинг марказий офиси Қозоғистон пойтахти Нур-Султан шаҳрида жойлашган. Ахборот агентлигининг махсус мухбирлари мамлакатнинг барча ҳудудларида ишлайди. Агентликнинг Россия, Хитой, Туркия, Европа, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Иорданияда ўз мухбирлари мавжуд. Бу мамлакатда ва жаҳонда бўлаётган янгиликларни тез ва аниқ тарқатиш имконини беради.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив