Бугун Қозоғистонда 3,6 млн ўқувчи учун сўнгги қўнғироқ чалинди
25 Май 19:34

Бугун Қозоғистонда 3,6 млн ўқувчи учун сўнгги қўнғироқ чалинди

NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов Нур-Султан шаҳридаги №75 мактаб-гимназиясига ташриф буюриб, Сўнгги қўнғироққа бағишланган тантанали тадбирда иштирок этди. Бу ҳақда Kazinform Таълим ва фан вазирлигига таяниб хабар беради.

Битирувчиларни битирув куни билан табриклаб, ўқитувчиларга меҳнатлари учун, ота-оналарга эса болаларни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирди.

«

Бугун ўқувчиларимиз билимимизни, юртимизни халқаро майдонда муносиб намоён этмоқда. Мисол учун, менинг ёнимда учта Жаҳон гимназиадасининг ғолиби турибди, улар кеча Франциядан қайтиб келишди. Улар ушбу мактабда ўқийдилар. Ўқувчиларимиз 86 та медал қўлга киритиб, 70 та давлатни ортда қолдириб, 3-ўринни эгаллади. Қўлга киритилган медаллар сони эса ортиб бормоқда. Битирувчилар ҳаётнинг янги босқичига қадам қўйиш арафасида. Мактабни битирган бўлсангиз ҳам, ўқишни ва изланишни ҳеч қачон тўхтатмаслигингиз керак. Билим ҳеч қачон қадрини йўқотмайдиган, қадрсизланишдан қўрқмайдиган бойликдир. Олдинда имтиҳонлар бор. Энди Миллий ягона тестни икки марта топшириб, грантга ҳужжат топширишингиз мумкин. Бу йил ҳам Президентимиз қўллаб-қувватлаши туфайли грантлар сонини оширяпмиз. Хусусан, университет таълимига 73 мингтагача, коллеж таълимига 128 минггача грант ажратдик. Умуман, давлатимиз томонидан эртанги кунга ишонч билдириш учун тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда

», – деди битирувчиларга Асхат Аймағамбетов.

Шунингдек, вазир ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбиясини қўллаб-қувватлаётган ўқитувчилар ва ота-оналарга болаларни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирди.

«

Ўқувчиларимиз, ўқитувчиларимиз ва ота-оналаримиз эпидемия синовдан шараф билан ўтишди. Сентябр ойида «мактаб очамизми?» бу масала қизғин муҳокама қилинди. Ва энди қарорнинг тўғри эканлигига шубҳа йўқ. Устозларимиз меҳнати эвазига бутун дунё ва таълим тизими бошидан ўтказган оғир кунларни енгиб ўта олдик. Мен ҳамкасбларимга меҳнатлари ва фарзандларимизни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдираман. Албатта, пандемия даврида ҳаммаси осон кечмади. Бироқ ўқитувчи меҳнатининг аҳамияти ва қадрини тушунган ота-оналар ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар

», - дейди Асхат Аймағамбетов.

Умуман олганда, бу йил мамлакатда 3,6 миллион ўқувчи учун сўнгги қўнғироқ чалинди. Улар орасида 170 минг нафардан ортиқ 11 (12) синф, 302 минг нафардан ортиқ 9 синф битирувчилари бор. 8139 нафар энг яхши ўқувчи «Олтин белги» кўкрак нишонига номзоддир. Шунингдек, жорий йилда 393 минг нафардан ортиқ ўқувчи биринчи синфни тамомлади.


Янгиликлар

Архив