Энди Қозоғистонда кўп болали оилалар ўқувчиларини мактабга тайёрлаш учун маблағ ажратилади
9 Август 20:58

Энди Қозоғистонда кўп болали оилалар ўқувчиларини мактабга тайёрлаш учун маблағ ажратилади

NUR-SULTAN. Kazinform - Давлат 400 000 дан ортиқ болани мактабга тайёрлаш учун молиявий ёрдам беради. Бу ҳақда Таълим вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Дулат Жекебаев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.

Болалар йилида Таълим-маориф вазирлиги томонидан «Умуммажбурий таълим» жамғармаси доирасида ўқувчиларга моддий ёрдам кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Натижада 400 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни мактабга тайёрлаш учун давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатилади.

«Илгари махсус тоифадаги болаларни мактабга тайёрлаш учун давлатдан ажратиладиган маблағ миқдори 17-40 минг тенге оралиғида эди. Яқинда мазкур нормага вазирлик таклифи асосида ўзгартиришлар киритилди. Энди энг кам ёрдам миқдори 37 389 тенгени ташкил қилади. Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг таклифига кўра ёрдам кўрсатиш механизмига ўзгартиришлар киритилди. Энди пул тўғридан-тўғри ота-оналарнинг ҳисобига ўтказилади»

, — деди Дулат Жекебаев.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, жорий йилда махсус ижтимоий ёрдам олувчи оилалар фарзандларига, шунингдек, ижтимоий ёрдам олмаган, лекин даромади яшаш минимумидан паст бўлган оилалар фарзандларига моддий ёрдам кўрсатилади.

«Таълим вазирлиги вакиллари кўп болали оналар билан бир неча бор учрашиб, ҳокимликлар билан биргаликда масалаларни муҳокама қилган. Натижада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мансуб болаларга ёрдам кўрсатиш қоидаларини ўзгартириш ташаббуси илгари сурилди. Асосий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётганлиги сабабли, жорий йилда моддий ёрдам олувчи барча болаларга 37 389 тенге миқдорида маблағ ажратилади. Бугунги кунда бу маблағдан кўпроқ маблағ ажратаётган маҳаллий ижро ҳокимияти органлари бор. Биз буни фақат табриклаймиз. Маблағларнинг кўпайиши ёрдам оладиган 418 мингдан ортиқ болага ижобий таъсир кўрсатади»

, — деди Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари.

Шунингдек, Дулат Жекебаев янги ўқув йили арафасида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва фавқулодда вазиятларда бўлган ўқувчиларга моддий ёрдам кўрсатилишини айтди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив