Энди Қозоғистонда таксичилар ҳам декретга чиқиши мумкин
7 Июнь 20:20

Энди Қозоғистонда таксичилар ҳам декретга чиқиши мумкин

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсенова Яндекс, Убер ва Вольт каби платформаларда банд аҳолини ижтимоий таъминот билан қамраб олиш режаларини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Пандемия давридаги чеклов чоралари бутун дунёда бандликнинг замонавий усулларидан фойдаланишга янги туртки берди. Қозоғистон ҳам бундан мустасно эмас. Бундан ташқари, рақамлаштириш ва янги технологиялар мамлакат иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлганлар сони реал секторга нисбатан ошганига гувоҳ бўлдик. Экспертлар маълумотларига кўра, Қозоғистонда ушбу соҳада 500 минг киши иш билан таъминланган. Яъни фуқаролар «Яндекс», «Убер», «Вольт» ва «Глово» каби турли онлайн платформалар орқали ишлайди», — деди Меҳнат вазири Ҳукуматнинг бугунги йиғилишида.

Вазир ўз нутқида бундай иш режими аҳоли учун жуда қулай эканлигини таъкидлади. Бироқ, унинг асосий камчилиги ишчилар учун ижтимоий таъминотнинг йўқлиги.

«Яъни, бундай шахс, айтайлик, ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан ишсиз қолса ёки меҳнат фаолиятини тўхтатса, Давлат ижтимоий суғурта жамғармасидан зарур ижтимоий нафақаларни ололмайди. Шу муносабат билан ушбу фуқароларни ижтимоий ҳимоя тизимига жалб қилиш мақсадида онлайн платформаларнинг асосий операторлари билан учрашув ўтказдик. Улар билан биргаликда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб қамров схемаларини синовдан ўтказишга қарор қилдик. Йил охиригача иш натижаларини тақдим этамиз. Платформада бандликни тан олиш ва қонунийлаштириш орқали биз қулай режимни сақлаб қолган ҳолда фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилганмиз», - деди Тамара Дуйсенова.

Муаллиф: Айжан Серикжанқизи

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив