Европа комиссияси дунё ўрмонларини ҳимоя қилиш учун 1 миллиард евро ажратади
3 Ноябрь 20:30

Европа комиссияси дунё ўрмонларини ҳимоя қилиш учун 1 миллиард евро ажратади

BRUSSELS. Kazinform - Глазгода (Буюк Британия) бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича 26-конференцияси (CОP26) чоғида Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи ўрмонларни муҳофаза қилиш бўйича глобал мажбуриятларга ҳисса сифатида 1 миллиард евро ажратишини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

ЕИ бюджетидан ажратиладиган 5 йиллик қўллаб-қувватлаш пакети Европа Иттифоқининг ҳамкор-мамлакатларига бутун дунё бўйлаб ўрмонларни муҳофаза қилиш, тиклаш ва бошқаришда, шунингдек, Париж келишуви қоидаларини амалга оширишда ёрдам беради.

- Ўрмон - «Ернинг яшил ўпкалари». Биз уларни ҳимоя қилишимиз ва тиклашимиз керак. Дунё ўрмонларини муҳофаза қилиш учун 1 миллиард евро ажратиш мажбуриятини олганимизни мамнуният билан эълон қиламан. Бу Европа Иттифоқининг Яшил пактга мувофиқ сайёрани ҳимоя қилишга қаратилган глобал ўзгаришларга раҳбарлик қилиш мажбуриятидан далолат беради, - деди У. Ляйен.

Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен шундай деди: «Европа Иттифоқининг ўрмонларни барқарор бошқариш, тиклаш ва муҳофаза қилишга қўшган ҳиссаси барқарор ўсиш ва янги иш ўринлари яратиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш ҳамда ҳамкор мамлакатларимизда биологик хилма-хилликни сақлашга ёрдам беради. Европа Иттифоқи ҳукуматлар, фуқаролик жамияти, маҳаллий аҳоли ва хусусий сектор билан ҳамкорликда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, одамлар ва сайёрани биринчи ўринга қўйиш учун кўп томонлама ёндашувда ишлайди«.

Европа Иттифоқи ўзига хос экотизимга эга бўлган Конго дарёси ҳавзасига алоҳида эътибор қаратди. 1 миллиард евронинг 250 миллион евро ёрдам пакети доирасида Конго дарёси ҳавзасида экологик мақсадларда фойдаланилади.

Молиявий мажбурият Европа Комиссиясининг Глазгодаги саммитда халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган Глобал ўрмон мажбуриятига қўшган ҳиссасидир.

Муаллиф: Арнур Раҳимбеков

Янгиликлар

Архив