Глобал иқлим ўзгариши Қозоғистонга қандай таъсир кўрсатмоқда
15 Июнь 15:27

Глобал иқлим ўзгариши Қозоғистонга қандай таъсир кўрсатмоқда

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда ерларнинг деградацияси ва чўлланиши глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Бу ҳақда ҚР Экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Зулфия Сулейменова маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Бугун биз Қозоғистон иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бошидан кечираётганини кўряпмиз. Бизда кескин континентал иқлим мавжуд, шунинг учун иқлим ўзгариши хавфи даражаси, жумладан, мамлакатнинг турли ҳудудларда фарқ қилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан қарийб икки баравар юқори. Натижада ернинг деградацияси, қурғоқчилик, чўлланиш, сув тошқинлари, музликлар майдонларининг қисқаришини кўряпмиз, бу эса келажакда ер усти сувларининг камайишига таъсир қилади. Бу, албатта, иқлим ўзгаришига мослашишни тақозо этади», — деди З.Сулайменова.

Унинг сўзларига кўра, 2021 йилда Экологик кодексга илк бор иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича янги боб киритилган бўлиб, у етти асосий босқичдан иборат. Улардан бири заифликни баҳолашдир. Хусусан, иқлим ўзгаришига энг заиф бўлган тўртта сектор аниқланган. Булар қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, сув ресурслари ва табиий офатлар, яъни фуқаролар муҳофазаси. Бу тармоқлар, жумладан, ҳудудлар кесимида баҳоланади ва тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Вазир ўринбосари Давлат раҳбари топшириғига мувофиқ вазирлик томонидан 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш стратегиясини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилганини таъкидлади. Эндиликда бу ишлар Миллий иқтисодиёт вазирлигида ҳам давом эттирилмоқда. Қисқа муддатда иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш бўйича ишлар 2030 йилгача бўлган мақсадларни белгиловчи ҳужжатга мувофиқ амалга оширилмоқда, бу эса ушбу чиқиндиларни 1990 йилдаги даражадан 15 фоизга камайтиришни назарда тутади. Ҳозирда мазкур ҳужжат янгиланмоқда, йўл харитасида аниқ тадбирлар назарда тутилган. Ҳозирда карбонат ангидрид гази чиқиндилари тартибга солинмоқда, келгусида бу тизимга метан ва бошқа газларни киритиш режалаштирилган. Шунингдек, Қозоғистон бозорини иссиқхона газлари чиқиндилари квоталари бўйича Европа бозори билан интеграциялаш ишлари олиб борилмоқда.

Муаллиф: Мейрамбек Байғарин

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив