Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия транспорт ва логистика масалаларини муҳокама қилди
27 Июнь 17:43

Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия транспорт ва логистика масалаларини муҳокама қилди

BAKU. Kazinform – ҚР Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди ҳамда ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири Қайрбек Ўскенбаев Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари ва транспорт вазирларининг уч томонлама учрашувида иштирок этди, деб хабар беради Kazinform ҚР ТИВга таяниб.

Томонлар транспорт-логистика, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги ҳамкорликнинг кенг кўламли долзарб масалалари бўйича «соатларни тўғирлаб олишди». Кенг кўламли геосиёсий ўзгаришлар шароитида савдо-иқтисодий, транзит, транспорт ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма ёндашувлар кўриб чиқилди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Озарбайжон ва Туркия Қозоғистон учун минтақадаги асосий сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлар эканини таъкидлади.

«Коронавирус пандемияси даврида ўзаро савдодаги иқтисодий фаоллик секинлашганига қарамай, бизда аввалгисини тиклаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги кўрсаткичларига эришиш учун салмоқли салоҳият мавжуд»

, — дея қўшимча қилди М.Тлеуберди.

Йиғилиш иштирокчилари минтақада темир йўл ва нефт қувурлари каби қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Чекланган Европа йўналишлари шароитида Каспий-Қора денгизлари йўналиши алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Вазирлар келишиб олдиларки, юк ташиш ҳажмининг ошиши портлардаги техник ва тариф шартларини ўз вақтида янгилашни тақозо этади, бу эса барча савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг драйвери бўлади.

Иштирокчи давлатларнинг транзит салоҳиятини ошириш учун жуда муҳим бўлган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар транспорт салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича қарашлар бирлигини мамнуният билан қайд этдилар ва ҳукуматлар даражасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштиришдан томонлар манфаатдор эканини тасдиқладилар.

Томонлар ушбу форматдаги навбатдаги учрашувни шу йилнинг кузида Қозоғистонда ўтказишга келишиб олдилар.


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив