Қозоғистон Президенти энергетика вазирини қабул қилди
23 Декабрь 18:06

Қозоғистон Президенти энергетика вазирини қабул қилди

NUR-SULTAN. Kazinform – Давлат раҳбарига мамлакат энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича ахборот берилди, деб хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

Мағзум Мирзағалиевнинг айтишича, Тенгиз, Қашаған, Қарашиғанақ, «Қаламқас-Тенгиз» ва «Хазар» конларида лойиҳаларни амалга ошириш орқали 2030 йилга бориб нефт қазиб олишни 104,2 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.

Президентга нефт маҳсулотлари бозоридаги вазият ва келгусида ёқилғи-мойлаш материаллари тақчиллигининг олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, нефтни қайта ишлаш заводларида таъмирлаш ишлари вақтини қисқартириш ва 200 минг тонна нефт маҳсулотлари захирасини яратиш режалаштирилган.

Давлат раҳбарига мамлакатда газ таъминоти лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда газ билан таъминланган аҳоли сони 10,3 миллион нафардан ошиб, газ таъминоти даражаси 55 фоизни ташкил этмоқда.

Шимолий ва шарқий ҳудудларни газ билан таъминлаш ҳисобига 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 65 фоизга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, «Бейнеу – Бозой – Чимкент», «Бейнеу – Жанаозен» ва «Бухоро – Орал» газ қувурлари қўшимча қурилиши табиий газга бўлган юқори талабни қондириши мумкин.

Энергетика вазири Президентга энергетика тизимидаги мавжуд ҳолат ва электр энергияси тақчиллигининг олдини олиш бўйича кўрилаётган тезкор чора-тадбирлар, шунингдек, 2030 йилгача газ, нефт, нефт-кимё саноати, нефтни қайта ишлаш, электр энергетикаси ва қайта тикланадиган энергия соҳаларида умумий қиймати 30 триллион тенге бўлган 157 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирган.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев нефт-кимё саноатини ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди ва Мағзум Мирзағалиевга бир қатор топшириқлар берди.


Янгиликлар

Архив