Қозоғистон ва Қирғизистон ўрмон қопламининг биргаликдаги космик мониторингини ўтказди
27 Май 09:40

Қозоғистон ва Қирғизистон ўрмон қопламининг биргаликдаги космик мониторингини ўтказди

NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистонлик мутахассислар Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда деградатсияга учраган ўрмонларни тиклаш бўйича биринчи халқаро лойиҳани бошлади, деб хабар беради Кazinform мухбири.

«Қазақстан Ғарыш Сапары» Миллий компанияси фазовий маълумотлар департаменти Экология ва хавфсизлик мониторинги бошқармаси бошлиғи Азамат Махановнинг сўзларига кўра, лойиҳадан кўзланган мақсад 70 йил давомида ерни масофадан туриб зондлаш маълумотларини фойдаланиш, тарихий хариталаш асосида ўрмон қопламидаги ўзгаришларни аниқлашдан иборат.

Ўрмонларни кесиш масаласи 2018 йилда икки давлат экология вазирларининг Астанадаги учрашувида кўтарилган эди. Ўшанда Қозоғистон ва Қирғизистон «Бонн чақириғи» халқаро ташаббуси доирасида 1,5 миллион гектар ва 323 минг гектар ўрмонни қайта тиклаш бўйича ихтиёрий мажбуриятларни олган эди, бунда 2030 йилгача 350 миллион гектар майдонни қайта тиклаш глобал мақсад бўлади.

«Лойиҳа жамоаси Оpen Foris Collect платформаси асосида ўрмон таҳлили соҳасида халқаро тажрибани ўрганди. Бундан ташқари, «Қазақстан Ғарыш Сапары» Миллий компанияси ўрмон ёнғинлари ва ўрмонларни кесиш мониторинги бўйича 2 та патентга эга. Ерни зондлашнинг бу усуллари ишимизда бизга катта ёрдам берди. Ушбу лойиҳада ўрта аниқликдаги тасвирлар ишлатилган. Бундан ташқари, ўрмон экиш режасининг батафсил картографик маълумотлари олинди. Якуний таҳлил натижасида ўрмонларнинг кесилиши сабабларини текшириш ва ойдинлаштириш мақсадида дала ишлари ташкил этилди. Ўрмон қопламининг қисқаришига шамол, кўчки, ёнғин, антропоген, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий омиллар асосий сабаб бўлмоқда», — деди Азамат Маханов.

4700 квадрат километр ўрмон майдонида 1174 та участкадан жами 2060 гектар ўрмон қоплами қисқартирилди. Қозоғистонда 1965 гектар ёки 1081 участка, Қирғизистонда 95 гани ташкил этадиган 93 та участка мавжуд.

Қозоғистонда лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди ва натижалар Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан юқори баҳоланди.


Иш натижаларини муҳокама қилиш учун Қозоғистонга географик ахборот тизимлари мутахассислари, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўрмон хўжаликлари вакиллари таклиф этилди. Ўз навбатида қозоғистонлик мутахассислар ҳамкасблари учун ўрмон хўжалиги масалалари бўйича тренинглар ўтказдилар.

«Ҳозирги вақтда ўрмонларнинг ҳолати ва динамикаси ҳақида маълумот олишнинг асосий манбаи масофавий зондлаш ҳисобланади. Шундай қилиб, ўрмон қопламининг ҳолати ва динамикасининг асосий хусусиятларини ўлчашнинг юқори аниқлиги, тезлиги ва изчиллиги таъминланади. Тренинг фойдали бўлди ва орттирилган тажриба табиий ва иқлим шароитларининг ўхшашлигини ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам ёйилиши мумкин», - деди А.Маханов.


Муаллиф: Али Ибраев


Янгиликлар

Архив