Қозоғистон ва Россия энергетика вазирлари учрашди
21 Декабрь 09:09

Қозоғистон ва Россия энергетика вазирлари учрашди

МOSKVA. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Мағзум Мирзағалиев Москвада Россия Федерацияси Энергетика вазири Николай Шульгинов билан учрашди. Бу ҳақда Kazinform вазирлик матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Учрашув чоғида энергетика вазирликлари раҳбарлари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги газ, нефть ва электр энергетикаси соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилдилар.

Айни пайтда Қозоғистоннинг шимолий ва шарқий вилоятларини газлаштириш масалалари, жумладан, зарур қўшимча газ ҳажми «ҚазТрансГаз» МК» АЖ ва «Газпром» ЁАЖ ўртасида аввал тузилган қўшма ишчи гуруҳ доирасида муҳокама қилинмоқда.

Келгусида томонлар лойиҳани баҳолашлари, газ истеъмоли таркиби ва ҳажмини, шунингдек, газ қувурларини қуриш қиймати ва йўналишини аниқлашлари керак.

Электр энергетикаси соҳасида вазирликлар раҳбарлари Қозоғистон ягона энергетика тизими энергия оқимлари балансининг режалаштирилган кўрсаткичлардан четга чиқиши туфайли юзага келган вазиятни бартараф этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ доирасида ишлашни давом эттиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин ва Россия Федерацияси Ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин ўртасидаги музокаралар чоғида Қозоғистон ва Россия энергетика вазирлари икки мамлакат энергетика вазирликлари ўртасида табиий газ бозорини ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Лойиҳа, шунингдек, 2060 йилгача иссиқхона газлари чиқиндиларини изчил қисқартириш ва углерод нейтраллигига эришиш доктринаси асосида транспорт секторини карбонсизлантириш бўйича Париж ва Глазго саммитларининг мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватлайди.

Янгиликлар

Архив