Қозоғистонда 1000 та қишлоқда комплекс сув тозалаш қурилмалари ўрнатилади
25 Апрель 15:22

Қозоғистонда 1000 та қишлоқда комплекс сув тозалаш қурилмалари ўрнатилади

NUR-SULTAN. Kazinform – Аҳолиси 200 кишидан кам бўлган 1000 та қишлоқда комплекс сув тозалаш қурилмалари ўрнатилади. Бу ҳақда Мажилисдаги Ҳукумат соатида «Ауыл – Ел бесігі» лойиҳаси муҳокамаси чоғида ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири ўринбосари Еркебулан Даулбаев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Жами 7,2 миллион аҳоли истиқомат қиладиган 6302 қишлоқдан 4759 таси ёки аҳолининг 93 фоизи сув таъминотидан фойдаланиш имкониятига эга. Шундан 4128 та қишлоқ марказлаштирилган сув билан таъминланган, 203 минг аҳоли истиқомат қиладиган 631 та қишлоқда комплекс блок-модул ўрнатилган. 2025 йилгача қамраб олинмаган 1543 та қишлоқдан 511 тасини марказлаштирилган сув таъминоти тизимига улаш режалаштирилган.

Аҳолиси 200 кишидан кам бўлган 1032 та қишлоқда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан комплекс блок-модулларини ўрнатиш режалаштирилган», - деди Еркебулан Даулбаев.

Эслатиб ўтамиз, аввал хабар берганимиздек, «Ауыл – Ел бесігі» лойиҳаси доирасида ривожланиш салоҳиятига эга 3,5 минг қишлоқ танлаб олинган эди. 2019 йилдан Қозоғистонда «Ауыл – Ел бесігі» дастури ишга туширилган.


Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Янгиликлар

Архив