Қозоғистонда 23 мингга яқин нодавлат ташкилотлар фаолият юритади
22 Ноябрь 13:15

Қозоғистонда 23 мингга яқин нодавлат ташкилотлар фаолият юритади

NUR-SULTAN. Kazinform - Мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни фуқаролик секторисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Х Фуқаролик форуми очилишида ҚР Aхборот ва жамиятни ривожлантириш вазири Aида Балаева маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни фуқаролик секторисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мустақилликнинг илк йилларида бор-йўғи ўнта нодавлат нотижорат ташкилоти билан бошланган фуқаролик сектори бугун кенг кўламли ва жадал ривожланаётган соҳага айланди.

Бугун фаол фуқаролик ташаббусларисиз ижтимоий соҳа йўқ. Бугунги кунда 6 та сиёсий партия, 23 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилоти, 18 та конфессияга мансуб 3738 та диний бирлашма, 5 мингга яқин давлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари, 249 та жамоат кенгаши, 58 та турли даражадаги касаба уюшмалари фаолият кўрсатмоқда», — деди вазир.

Вазир Фуқаролик форуми ҳокимият ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқот, биринчи раҳбарларга бевосита саволлар бериш учун анъанавий майдон эканлигини таъкидлади.

– Жорий йилда форум доирасида турли мавзули бўлимлар, махсус учрашувлар, мутахассисларнинг маърузалари тингланади. Унинг самарадорлиги ва натижаларини ҳар бир форумда кўриб турибмиз.

Aлбатта, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига катта ишонч бор. Энг муҳими, бизда бу борада ҳамкорликда иш олиб борилмоқда, муштарак англашув, тизимли ёндашув бор», — деди Aида Балаева.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай

Янгиликлар

Архив