Қозоғистонда 280 та  қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилади
26 Май 13:32

Қозоғистонда 280 та  қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилади

NUR-SULTAN. Кazinform - Мамлакатда 9 мингдан ортиқ оилавий фермер хўжаликларини бирлаштирган 280 та қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилади. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Ерали Тоғжанов Сенатда «2025 йилгача аҳоли даромадларини ошириш дастури» комплекс режаси ижроси муҳокамаси чоғида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«2025 йилгача аҳолининг харид қобилиятини ҳимоя қилиш мақсадида шакардан бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари импортини 100 фоизга алмаштириш чоралари кўрилади. Бунга 87 та йирик сут-товар хўжалиги, 14 та гўштни қайта ишлаш корхонаси, 17 та паррандачилик фабрикасини ишга тушириш ҳамда 6,6 минг гектар боғ ва битта шакар заводи (Павлодар) қуриш ҳисобига эришилади», — деди Е. Тоғжанов.

Шунингдек, сабзавот, сут ва асал маҳсулотлари етиштирувчи 9 мингдан ортиқ оилавий фермер хўжаликларини бирлаштирган 280 та қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш режалаштирилган.

– Умуман олганда, юқорида айтиб ўтганимдек, 2025 йилгача 450 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш «Ауыл аманаты» лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Шу билан бирга, Жамбил вилоятида оилавий фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича тажриба лойиҳаси мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилмоқда. Тажриба лойиҳаси 2019 йилдан буён 11 та қишлоқ округида амалга оширилмоқда. Натижада лойиҳада иштирок этаётган 2,5 минг оиланинг даромади 4 баробар ошди. Мазкур қишлоқларда манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар сони 65 фоизга камайди. Тадбиркорлар сони 966 нафардан 3248 нафарга кўпайди, яъни ҳар учинчи оила тадбиркорлик билан шуғулланади. Ҳозирда 11 та қишлоқдан йиллик солиқ тушумлари 125 миллион тенгега етди», — деди Бош вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилгача 2 миллиондан ортиқ янги иш ўринларини яратиш ҳақида хабар қилинган эди.


Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Янгиликлар

Архив