Қозоғистонда янги ташкил этилган Жамоатчилик палатасига мухолифатчилар жалб этилади
22 Июнь 13:56

Қозоғистонда янги ташкил этилган Жамоатчилик палатасига мухолифатчилар жалб этилади

NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Парламенти Мажилиси раиси Ерлан Қошанов янги ташкил этилган Жамоатчилик палатасига мухолифат вакилларини киритиш таклифи билан чиқди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Менимча, бугун биз муҳокама қилаётган масала жуда муҳим. Президент қизғин баҳс-мунозаралар кўчада эмас, митингларда эмас, балки Мажилисда бўлиши керак, деган эди. Шунинг учун ҳам ушбу палата ташкил этилди. Жамоатчилик палатасининг таркиби келаси ҳафта эълон қилинади. Ушбу институт доирасида парламентдаги муҳокамаларда илгари қатнашмаган экспертлар келади. Ҳозиргача бундай оммавий муҳокамалар бўлмаган. Мен бу палата доирасида катта муҳокамалар бўлишига умид қиламан»

, - деди Мажилис спикери.

Шунингдек, у Жамоатчилик палатаси аъзолари энг резонансли деб топилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш учун таклиф этилаётганини таъкидлади.

«Тез орада жисмоний шахсларнинг банкротлиги тўғрисида кенг қамровли қонун муҳокамага олиб чиқилади. Ижтимоий кодекс лойиҳаси ҳам муҳокама қилинади. Оила институтини ривожлантириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилади. Буларнинг барчаси жамиятда қизғин муҳокама қилинаётган катта масалалардир. Буларнинг барчаси бўйича фикр билдиришимиз керак. Фуқаролар фикрини айтиш учун кўчага митингга чиқмасин, шу ерга келсин. Имконият берайлик»

, - деди Ерлан Қошанов.

Унинг фикрича, бундай форматда жамоатчилик билан алоқа ўрнатиш муҳим.

«Жамоатчилик палатасининг асосий мақсади биринчи ўқишгача энг долзарб, резонансли масалаларни жамоатчилик талаби нуқтаи назаридан кўриб чиқишдан иборат. Бундан буён резонансли масалалар муҳокама қилинаётганда видеоалоқа орқали ҳудудлардаги жамоатчилик кенгашлари билан алоқа ўрнатишимиз керак. Улар орқали маҳаллий фуқароларнинг фикрини инобатга олишимиз мумкин. Палатанинг таркиби қонуннинг ўзига хос хусусиятлари ва йўналишларига қараб ўзгариб туради. Палата иштирокчилари депутатлар эмас, жамоат фаоллари бўлади. Конструктив мухолифат вакилларини жалб қилайлик. Шунингдек, нодавлат сектор вакиллари ҳам таклиф қилинади»

, - деди Мажилис раиси.

Эслатиб ўтамиз, бугун ҚР Парламенти Мажилиси ҳузурида Жамоатчилик палатаси ташкил этилди.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Янгиликлар

Архив