Қозоғистондаги ислоҳотлар хорижий инвесторлар учун катта имкониятлар яратмоқда – Бош вазир
25 Май 18:23

Қозоғистондаги ислоҳотлар хорижий инвесторлар учун катта имкониятлар яратмоқда – Бош вазир

NUR-SULTAN. Kazinform – Бош вазир Алихан Смаилов Хорижий инвесторлар кенгашининг оралиқ йиғилишини ўтказди, унда доимий ишчи гуруҳлар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар, Кенгашнинг 34-ялпи мажлисига тайёргарлик кўриш, шунингдек, Қозоғистонда бизнес юритувчи инвесторларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Kazinform.

Вазирлик расмий сайтининг хабар беришича, Бош вазир бугунги кунда ҳукумат томонидан хорижий инвестициялар оқимини сақлаб қолиш ва кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ўтган йили Қозоғистонда умумий қиймати 3,6 миллиард долларлик 44 та янги инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 55 миллиард долларга тенг 700 дан ортиқ мавжуд ва мумкин бўлган лойиҳаларни жамлаш якунланди.

Қозоғистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш мақсадида Ҳукумат 2026 йилгача бўлган инвестиция сиёсатининг янги концепциясини ишлаб чиқди.

«Жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, транспорт-логистика инфратузилмаси ва бошқа соҳаларга сармоя жалб этиш ишлари давом эттирилади»

, – деди Алихан Смаилов.

Алихан Смаилов, шунингдек, Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг «Янги Қозоғистон» концепцияси доирасида демократик ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар йўлидан бораётган Қозоғистон тарихнинг янги саҳифаларини очаётганини таъкидлади.

У жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олади ва қонун чиқарувчи ҳокимият институтини мустаҳкамлашга, ҳалол рақобатни кучайтириш орқали иқтисодиётни сифат жиҳатидан модернизация қилишга, хусусий мулкни ҳимоя қилишга, иқтисодиётни монополиядан чиқаришга қаратилган.

«Бу чора-тадбирларнинг барчаси хорижий инвесторлар учун кўплаб иқтисодий имкониятлар яратади. Шу муносабат билан яна бир бор таъкидламоқчиманки, Қозоғистон мамлакатимизга ҳалол меҳнат қилиш учун келган барча тадбиркорлар учун ишончли сармоявий шерик бўлиб қолмоқда»

, — деди Алихан Смаилов.

Тадбирда Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров, Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Серикқали Брекешев, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсенова, Энергетика вазири Болат Ақшолақов, «Самруқ-Қазна» бошқаруви раиси Алмасадам Сатқалиев ва бошқалар ҳисобот берди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив