ҚР Парламенти Мажилиси ҳузурида Жамоатчилик палатаси ташкил этилди
22 Июнь 12:26

ҚР Парламенти Мажилиси ҳузурида Жамоатчилик палатаси ташкил этилди

NUR-SULTAN. Kazinform – Палата жамоатчилик вакиллари қонун лойиҳалари ҳақида мустақил ва холис фикр билдириши учун керак, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Палатанинг мақсад ва вазифалари тўғрисида Мажилис депутати Ерлан Саиров маъруза қилди.

«Ташкил этиладиган Жамоатчилик палатаси Миллий қурултой мажлиси форматини ижодий ривожлантириб, парламент билан фуқаролик жамияти вакиллари, экспертлар ҳамжамияти ўртасидаги алоқаларни тизимли равишда мустаҳкамлашга туртки бўлади.

Палата доирасида жамоатчилик вакиллари қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ва жамоатчилик экспертизасини ўтказиш орқали жамиятдаги долзарб масалалар юзасидан мустақил ва холис фикр билдиришлари мумкин бўлади», - деди Ерлан Саиров.

Унга кўра, Палата ўз ишини ротация асосида олиб боради ва унинг аъзолари мунтазам равишда ўзгариб туради.

«Яъни, парламентдаги ва депутатликка кирмаган партиялар аъзолари, мамлакатимиздаги парламентаризм масалалари билан чуқур шуғулланаётган фуқаролар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа мутахассислари, сиёсатшунослар Палата аъзоси бўлиши мумкин», — деди у.

Мажилис раиси Ерлан Қошанов Жамоатчилик палатаси фаолиятини шахсан ўзи назорат қилишини таъкидлади.

«Менимча, бугун тўғри қарор қабул қилинди ва Жамоатчилик палатаси ташкил этилди. Энди у қачон ишлай бошлайди, кузда ёки ёзда бошланади, муҳокама қиламиз. Бунда ҳар бир депутат фаол иштирок этиши керак. Сиз аъзо бўлишингиз шарт эмас. Лекин ҳар қандай қонун лойиҳаси бўйича фикрингиз бўлса, унда ҳар бир депутат иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бу ишни шахсан ўзим назорат қиламан», — деди Мажлис раиси.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай

Янгиликлар

Архив