ҚР Президенти мамлакатдан ноқонуний олиб кетилган маблағларни қайтариш бўйича йиғилиш ўтказди
10 Июнь 15:54

ҚР Президенти мамлакатдан ноқонуний олиб кетилган маблағларни қайтариш бўйича йиғилиш ўтказди

NUR-SULTAN. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Иқтисодий ресурсларнинг ноқонуний тўпланишига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия йиғилишини ўтказди, дея хабар беради Kazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.

Президент йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Конституцияга киритилган ўзгартиришлар халқ томонидан референдумда қабул қилингани ва кучга кирганини таъкидлади. Шу тариқа фуқароларимиз янги, адолатли Қозоғистонни яратишни қўллаб-қувватладилар.

«Референдум кенг кўламли модернизация ишларини давом эттиришга замин яратди. Биз мамлакатнинг умид ва ишончини оқлашимиз керак. Биз ҳаммага барча соҳаларда тенг имкониятлар берилган жамият яратишимиз керак. Аҳоли ҳақиқатан ҳам иқтисодий ўсиш самарасини кўриши керак. Давлат бойлиги маълум кишиларга эмас, балки бутун халққа тегишлидир. Бинобарин, бутун аҳоли фаровонлигини ошириш биз учун жуда муҳим вазифадир»

, – деди Президент.



Давлат раҳбари иқтисодиётни тартибга солиш, аниқ ва адолатли ўйин қоидаларини ўрнатиш зарур, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, бу борада муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Қасим-Жомарт Тоқаев Янги Қозоғистонда иқтисодий ривожланишнинг асосий тамойили даромадларни адолатли тақсимлаш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Яқинда менинг Фармоним билан иқтисодий ресурсларнинг ноқонуний тўпланишига қарши кураш комиссияси тузилди. Ушбу комиссия мамлакатдан ноқонуний йўллар билан олиб кетилган пул маблағларини мамлакатга қайтариш билан шуғулланади. Унинг фаолияти доимо омма эътиборида. Халқ биздан қуруқ ваъдалар эмас, аниқ натижалар кутмоқда»

, – деди Президент.



Президент таъкидлаганидек, бунда ҳамжиҳатлик, қонун устуворлиги ва масъулиятни сақлаш муҳим.

«Барча ҳаракатлар қонунга тўлиқ мос бўлиши, қатъий қонунга асосланиши керак. Прокуратура назорат қилувчи орган томонидан қабул қилинган барча тартиб-қоидаларнинг қонунга тўлиқ мос келишини таъминлаши шарт. Бу масалада хатога йўл қўйиш, қобилиятсиз иш олиб борилиши мумкин эмас», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент шунингдек, идоралараро комиссияни фаол ва самарали ишлашга чақирди.

«Комиссия ишининг натижалари аниқ ва сифатли бўлиши керак»

, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президентнинг сўзларига кўра, ноқонуний олиб чиқиб кетилган капитални барча қонуний тартиб-қоидалар асосида қайтариш учун бироз вақт кераклигини тушуниш керак.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, асосий мақсад жиноий ишларнинг сони эмас, балки иқтисодиётни реал соғломлаштиришдир.



Президент комиссия фаолияти ҳақида аҳолини мунтазам хабардор қилиб бориш бўйича топшириқ берди.

«Мақсадимиз аниқ. Ўғирланган бойликларни мамлакатга қайтаришимиз, адолат ўрнатишимиз керак. Энди асосийси ишни самарали ташкил этиш. Умид қиламанки, комиссия аъзолари бу вазифани муносиб адо этадилар. Президент маъмурияти барча ишларни назорат қилади», – деди Президент.

Йиғилишда Бош вазир Алихан Смаилов ва Бош прокурор Берик Асилов ҳам сўзга чиқди.










Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив