Наврўз муносабати билан Қозоғистон Президенти номига табрик мактублари келмоқда
20 Март 20:18

Наврўз муносабати билан Қозоғистон Президенти номига табрик мактублари келмоқда

NUR-SULTAN. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев номига Наврўз байрами муносабати билан хорижий давлатлар раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик мактублари келмоқда, деб хабар беради Kazinform Ақордага таяниб.

АҚШ Президенти Жо Байден ўз табригида Давлат раҳбарига мустаҳкам соғлиқ ва Қозоғистон халқига фаровонлик тилади.

«Тинчлик ва янгиланиш кунида Америка Қўшма Штатлари ва бутун дунё бўйлаб кўплаб одамлар ушбу ажойиб байрамни Сизлар билан бирга нишонлайдилар. Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари 30 йилдан буён кучли ва барқарор ҳамкорликка асосланган дипломатик муносабатларни сақлаб келмоқда. Менинг маъмуриятим халқингизнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар дастурингизни қўллаб-қувватлайди. Наврўз байрамингиз муборак бўлсин!», - дейилади Жо Байденнинг табрик мактубида.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами Марказий Осиё халқларининг умумий мақсад ва орзулари муштараклиги рамзи бўлган байрам эканини таъкидлади.

«Инсоният тарихида катта ўрин тутган ушбу улуғ айём халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва тотувлик ришталарини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда. Биз икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларимизни кенгайтиришда давом этамиз», - дейилади табрик мактубида.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўз табригида бугунги мураккаб ижтимоий-иқтисодий ва геосиёсий вазиятда ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик ва бунёдкорликка даъват этувчи баҳор айёмининг қадр-қиммати муҳим эканини ёзган.

«Тожикистон ва Қозоғистон ўртасидаги муқаддас Наврўз байрамининг эзгу анъаналарига асосланган дўстлик ва стратегик шериклик бундан буён ҳам халқларимизнинг туб манфаатларига мос равишда ривожланади ва кенгаяди», - деб ёзади Имомали Раҳмон.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўз табрик телеграммасида Озарбайжон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик бугунги кунда Наврўз байрамининг қадимий анъаналарини сақлаб келаётган халқларимиз манфаатлари йўлида бундан буён ҳам ривожланиб, мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирган.

«Сизни ва халқингизни ўз номимдан ва Озарбайжон халқи номидан муқаддас Наврўз байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Бу байрам табиатга чексиз меҳр ва ҳурмат рамзидир. Бу минглаб йиллар синовидан ўтган ҳаёт фалсафасининг рамзидир», - дейилади табрик телеграммасида.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев номига ўз табрик мактубларин Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдат Амреев, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ Динлараро кенгаши раиси Шайхулислом Оллоҳшукир Пошезода, «Шеврон» корпорациясининг Евроосиё бўлими бошқарувчи директори Дерек Магнесс, Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузов, Бойқўнғир шаҳар маъмурияти раҳбари Константин Бусигин ва бошқалар томонидан юборилган.

Табрик телеграммалари келиши давом этмоқда.


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив