Нур-Султанда автобусларга кондукторлар энди ҳеч қачон қайтарилмайди
16 Май 15:10

Нур-Султанда автобусларга кондукторлар энди ҳеч қачон қайтарилмайди

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон пойтахтида жамоат транспортида кондукторлар бундан кейин ҳам бўлмайди. Бу ҳақда City Transportation Systems (CTS) компанияси маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Ҳозирда кондукторларни қайтариш масаласи кўриб чиқилаётгани йўқ. Чунки биз уни ўтган асрга мансуб деб биламиз. Автобусларда кондуктор ишлаётганида кўплаб танқидлар бўлган», — дейди компания матбуот котиби Науат Азанбаева.

Унинг сўзларига кўра, электрон чипталар тизими йўқ пайтида, яъни кондукторлар ишлаган пайтларда шаҳарда ўртача 350 минг қатнов амалга ошириларди.

«Электрон тизимга ўтилгандан кейин бу кўрсаткич дарҳол 750 минг қатновга етди. Яъни, 400 минг қатнов қўшилди. Шу сабабли, кондукторларни автобусларга қайтариш жуда хавфли нарса, чунки биз яна сояли иқтисодиёт иллатларига дуч келамиз. Бунга йўл қўймаслик керак», - деди у.

Компания вакилининг айтишича, собиқ кондукторларни ишга жойлаштириш масаласи ҳам ҳал қилинган.

«Айрим кондукторлар автобус паркининг назорат-тармоқ хизматида, яна бир қисми бизнинг компаниямизнинг транспорт назорати бўлимида ишлайди. Уларнинг вазифаси йўл ҳақини текшириш, автобусларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарини тақишини назорат қилиш, уларнинг телефондан фойдаланмаслигини назорат қилиш кабилардир», — деди Науат Азанбаева.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтда йўловчилар йўл ҳақини икки усулда – автомобил картаси ёрдамида ва QR-кодни сканерлаш орқали тўлаши мумкин. Бунинг учун турли хил иловалар мавжуд (Transcard, Kaspi.kz, Homebank, уяли алоқа операторларининг иловалари ва бошқалар).

Шуҳарда 7 йилдан бери йўл ҳақи ўзгармаган - 90 тенге.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Янгиликлар

Архив