Референдум Иккинчи Республика барпо этишга ҳуқуқий замин яратади – ҚР Давлат котиби
6 Май 10:46

Референдум Иккинчи Республика барпо этишга ҳуқуқий замин яратади – ҚР Давлат котиби

NUR-SULTAN. Kazinform – Ислоҳотлар бўйича референдум Қозоғистонда Иккинчи Республикани барпо этиш учун ҳуқуқий замин яратади. Бу ҳақда ҚР Давлат котиби Ерлан Қарин маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Президент Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича республика референдумини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу Давлат раҳбарининг алоҳида сиёсий аҳамиятга эга муҳим қароридир. Конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум Президентнинг сиёсий ислоҳотлар дастурини амалга оширишнинг навбатдаги босқичидир. Дастур тизимли бўлиб, супер-президентлик моделидан президентлик республикасига тубдан ўтишни, бир қатор ваколатларни қайта тақсимлашни, парламентнинг роли ва мақомини кучайтиришни, давлатни бошқаришда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришни, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг конституциявий механизмларини мустаҳкамлашни ўз ичига олади», - дейди Ерлан Қарин.

Унинг айтишича, бу ислоҳотлар жамоатчилик ва мутахассисларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.

«Қозоғистондаги мазкур референдумнинг ўзига хослиги шундаки, Президент ўз ваколатларини кенгайтиришга эмас, балки уни бошқа ҳокимият институтлари билан қайта тақсимлашга ҳаракат қилмоқда. Шундай қилиб, бўлажак конституциявий ислоҳот бўйича референдум Иккинчи Республикани қуриш учун ҳуқуқий замин – давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг янги, янада самарали ва мувозанатли моделини яратиб беради», — деди ҚР Давлат котиби.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 29 апрелида бўлиб ўтган Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ХХХІ сессиясида ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича республика референдумини ўтказишни таклиф қилганди.

ҚР Парламенти Сенати спикери Маулен Ашимбаев Конституциянинг 33 та моддасига ўзгартиришлар киритилишини маълум қилди.

ҚР Давлат котиби Ерлан Қарин референдум ўтказиш зарурати нима сабабли пайдо бўлганини тушунтириб берди.

5 май куни Қасим-Жомарт Тоқаев Референдум тўғрисидаги Конституциявий қонунни имзолади , шунингдек, референдумнинг 5 июн куни ўтказилиши эълон қилинди.

Президент Қозоғистон халқига видеомурожаат қилиб, республика референдумида фаол иштирок этишга чақирди.

ҚР «Референдум тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгаришларга кўра, фуқаролар референдум бюллетенига ўзлари танлаган жавобни кўрсатиш учун исталган белгини қўйиши мумкинлиги маълум бўлди.


Муаллиф: Марлан Жиембай

Янгиликлар

Архив