Рим Папаси Франциск Қозоғистоннинг динлараро тотувликка қўшган ҳиссасини эътироф этди
31 Май 09:55

Рим Папаси Франциск Қозоғистоннинг динлараро тотувликка қўшган ҳиссасини эътироф этди

VATIKAN. Kazinform - Ватиканга расмий ташриф билан келган ҚР Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Рим папаси Франциск билан учрашди. Бу ҳақда Kazinform ҚР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Апостоллар саройи Папа кутубхонасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида Понтифик Қозоғистон Ватиканнинг Марказий Осиёдаги ишончли ҳамкори эканини таъкидлади. Рим-католик черкови раҳбари ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан «Янги Қозоғистон» қурилиши доирасида бошланган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни ҳамда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича бўлажак умумхалқ референдумини юқори баҳолади.

Томонлар жорий йилнинг сентябр ойида Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтадиган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойи кун тартибини муҳокама қилдилар. Понтифик Қозоғистоннинг конфессиялараро тотувлик ва динлараро мулоқотни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини мамнуният билан қайд этди.

Рим папаси Францискнинг Қозоғистонга давлат ташрифи билан бориши ва қурултой ишида иштирок этиш ҳақидаги тарихий қарори алоҳида таъкидланди. Вазирнинг айтишича, нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиёдаги католиклар Рим папасининг келишини интиқлик билан кутишмоқда.

М.Тлеуберди Муқаддас Тахт Давлат котиби (Бош вазир) кардинал Пьетро Паролин ва Динлараро мулоқот бўйича Папа кенгаши раиси кардинал Мигел Анхел Аюсо Гиксот билан алоҳида икки томонлама музокаралар ўтказди.

Томонлар Қозоғистон ва Муқаддас тахт ўртасидаги маънавий тотувлик ва ўзаро ҳурмат соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи ғояларини тарғиб этишга қўшган салмоқли ҳиссаси учун М. Тлеуберди Давлат раҳбари номидан М.А.Аюсо Гиксотга ІІ даражали «Достық» орденини топширди.


Янгиликлар

Архив