Тоқаев бизнесни биргаликда Янги Қозоғистонни барпо этишга чақирди
19 Май 20:00

Тоқаев бизнесни биргаликда Янги Қозоғистонни барпо этишга чақирди

NUR-SULTAN. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев бизнес вакилларини биргаликда янги Қозоғистонни яратишга чақирди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Тадбиркорлар кўпинча олдиндан айтиб бўлмайдиган ва доимий ўзгариб турадиган давлат сиёсатини танқид қиладилар. Аввалги йиғилишда мен янги иқтисодий сиёсат ишлаб чиқиш бўйича топшириқ бергандим. Бу иш муваффақиятли кетмоқда дейиш қийин. Биз янги ғоялар етишмаслигини кўряпмиз. Бу инқирозга қарши чораларга ҳам тегишли. Блогосферада фаол, танқидий фикр билдираётган тадбиркорлар, иқтисодчиларни таклиф этиб, уларга Ҳукумат ҳузурида ишчи гуруҳ тузишни топширдим. Аммо улар ҳам узоққа бормади. Билишимча, улар ҳам аниқ таклиф ва ғоялар билан чиқишга қийналган. Шунга қарамай, мен Ҳукумат ва Президент маъмуриятидан иқтисодиётнинг макро, солиқ, бюджет, пул каби барча турларини қамраб олувчи доктринал ҳужжатни кутаман», - деди Президент Ақордада бўлиб ўтган учрашувда.

Президент ислоҳотлар бўйича олий иқтисодий кенгаш йиғилишида ташкилот фаолиятини кучайтириш бўйича топшириқ берганини эслатди.

«Бу иш бизнеснинг конструктив иштирокида амалга оширилиши керак. Чунки шундагина биз керакли ва самарали ислоҳотларни амалга оширишимиз мумкин. Шу ерда ўтирганларнинг барчасига айтаманки: «Янги Қозоғистонни биргаликда қурамиз» дегани қуруқ гап эмас. Бу ишда тадбиркорлар ва иқтисодиётнинг реал сектори вакиллари иштирок этиши жуда муҳим»

, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президентнинг айтишича, солиқ сиёсати ва уни бошқаришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

«Бугунги кунда бу соҳада муайян номутаносиблик мавжуд. Масалан, айрим йирик корхоналар кичик бизнес субектлари даражасида солиқ тўлаш орқали амалдаги солиқ режимини бўрттириб кўрсатмоқда. Муайян имтиёзлар ўрнига бутун бизнес гуруҳлари ва хизматлари учун солиқ имтиёзлари манипуляция воситасига айланди. Бюджетни нафақат маблағдан маҳрум этувчи, балки жамиятнинг бўлинишига олиб келадиган, миллий бойликларни тақсимлашда адолатни пасайтирувчи қарама-қаршиликларни бартараф этиш йўлларини ўйлаб кўриш керак. Бу масалада давлат ва бизнес келишувга эришгач, солиқ қонунчилигини барқарорлаштириш ва тасодифий ўзгаришлар амалиётини тўхтатиш зарур. Ҳукуматга ишбилармон доиралар билан биргаликда солиқ сиёсатининг узоқ муддатли концепциясини ишлаб чиқишни топшираман. Ҳужжатда мамлакатда солиққа тортишнинг асосий ёндашувлари акс этиши керак. Солиқ сиёсатининг асосий мезонлари барқарор бўлиши керак. Инсон омилини бутунлай олиб ташлаб рақамлаштириш орқали солиқ тўлаш жараёнларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу иш бугунги ва истиқболдаги вазиятдан, умумхалқ вазифаларидан келиб чиқиб, пухталик билан олиб борилиши керак. Келгуси йил бошида Ҳукуматдан жиддий таклифлар кутаман», - деди Президент.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив