Туркистон вилояти: Толеби туманида 120 оила хонадонли бўлди
14 Март 14:52

Туркистон вилояти: Толеби туманида 120 оила хонадонли бўлди

NUR-SULTAN. Kazinform – Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев амалий ташриф билан Толеби туманида бўлди, деб хабар беради Kazinform вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб.

Ленгер шаҳридаги I микрорайонида «Нурли жер» дастури асосида қуриб битказилган 20 хонадонли 6 та кўп қаватли уйнинг калитлари аҳолига топширилди. Жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламидан 60 нафар оила, ота-она қарамоғисиз қолган 3 нафар, кўп болали оилалардан 57 нафар оила хонадон билан таъминланди. Жами 120 оила уй-жой билан таъминланди.

«Толаби - ён бағирларидаги мусаффо ҳавоси, табиати томчилаб турган замин. Бугунги уйлар «Нурли жер» дастури доирасида таклиф этилмоқда. Президентимиз топшириғига кўра, бу йил ҳам арзон уй-жой қурилиши ҳажми ортади. Буларнинг барчаси аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсати самарасидир. Янги хонадон эгаларини табриклаймиз. Хонадонларингиз тўкинлик ва файзу баракага тўлсин, юртимиз омон, халқимиз тинч бўлсин!»,- деди Ўмирзақ Шўкеев.

Толеби туманида жами 4520 нафар фуқаро уй-жой олиш учун навбатда рўйхатга олинган. Бу борадаги ишлар давом эттирилади. 2021 йилда Туркистон вилоятида 823,8 минг квадрат метр уй-жой (6590 хонадон) фойдаланишга топширилди.

Иш сафари давомида Ўмирзақ Шўкеев 2017-2021 йилларга мўлжалланган «Меҳнат» давлат дастури доирасида самарали бандлик ва оммавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат гранти соҳиби бўлган фуқаролар фаолияти билан танишди. Толеби туманида «Меҳнат» Давлат дастурининг иккинчи йўналиши бўйича 38 нафар фуқаро кредит олди. 70 нафар фуқарога янги бизнес ғояларини амалга ошириш учун давлат гранти ажратилди. Вилоят ҳокими туман ҳокими ва масъул раҳбарларга аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш бўйича топшириқлар берди.

Вилоят раҳбари туман фахрийлари, этник-маданий бирлашмалар раислари ва ёшлар вакиллари, маҳаллий аҳоли билан учрашди. Эркин фикр алмашувида ўтган учрашувда Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг топшириқларини амалга ошириш йўналишлари, давлатни ривожлантириш бўйича янги режалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, долзарб масалалар кўтарилиб, аҳолининг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Ўмирзақ Шўкеев ҳар бир таклиф баённомага киритилиши ва тегишли ишлар олиб борилишини айтди.



Янгиликлар

Архив