Улитау энг гўзал вилоятга айланишига ишонаман - Президент
16 Июнь 13:41

Улитау энг гўзал вилоятга айланишига ишонаман - Президент

ULYTAÝ. Kazinform – Улитау вилояти ҳокими Берик Абдиғали Президентга вилоят ва вилоятнинг маъмурий маркази бўлмиш Жезқазған шаҳрининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида ҳисобот берди, деб хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Учрашувда экологик вазиятнинг ёмонлашуви, вилоят ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятидаги автомобил йўлларининг ёмонлашиши, иқтисодиётнинг диверсификация қилинмаганлиги ёки йирик корхоналарга қарамлиги, коммунал ва ижтимоий соҳанинг эскирганлиги вилоятнинг асосий муаммолари сифатида тилга олинди.

Берик Абдиғали иқтисодиётни диверсификация қилишни жадаллаштириш учун махсус иқтисодий зона ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаевнинг кўрсатмаларига мувофиқ, Уйтас-Айдос сув қувури қурилиши 2025 йилда якунланади, 2023 йилда эса Есқула қувури орқали Жезқазғанга сув етказиб берилади.

Вилоят ҳокимининг айтишича, вилоят марказидаги уй-жойларнинг 33 фоизи эскирган. Ҳозир уй-жойларни модернизация қилиш дастури амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 2022-2023 йилларда шаҳарнинг янги массивида 20 та кўп қаватли уй-жой қуриш режалаштирилган.

Берик Абдиғали Қасим-Жомарт Тоқаевга ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш учун давлат университети, қўшимча таълим маркази, сифатли мактаблар, спорт мажмуалари ва филармония қуриш зарурлигини айтди.

Президент Жезқазған ва Улитау вилоятидаги вазият билан танишгач, минтақани ривожлантириш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Давлат раҳбари, биринчи навбатда, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади. Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукумат ва вилоят ҳокимлигига йўллар, экология ва таълим соҳасини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бўйича топшириқ берди.

«Шаҳар ҳар томонлама жозибали бўлиши керак. Иш кўп. Жезқазғаннинг, вилоятнинг энг гўзал ҳудуд бўлишига ишонаман»

, — деди Президент.

Сўнг «Қазақмыс компаниясы» МЧЖ бошқаруви раиси Эдуард Огай корхона ва ҳудудни ривожлантириш бўйича маълумот берди. Компания Жезқазған ва Сатпаев инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ниятида. Корпоратив ижтимоий маъсулият нуқтаи назаридан «Қазақмыс компаниясы» жорий йилда 25,4 миллиард тенге ажратди. Бу ўтган йилгидан икки баробар кўп. Давлат раҳбари бу маблағлар келгусида амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар учун етарли бўлмаслигини айтиб, ажратилаётган маблағларни кўпайтиришни таклиф қилди.

«Мен бу масалани ҳал қиламан. Вилоят ҳокимининг ҳудудни ривожлантириш бўйича режасини тингладингиз. Ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш керак. «Қазақмыс» компаниясини бу ишда фаол иштирок этишга чақираман. Бундай кенг кўламли ишлар учун 25,4 миллиард тенге етарли бўлмаслиги мумкин. Молиялаштиришни кўпайтириш имкониятларини кўриб чиқиш керак. Ижтимоий объектларни қуришга ёрдам бериш керак. Бизга спорт иншоотлари керак. Маҳаллий аҳолининг умидлари катта. Шу муносабат билан биз шаҳардаги вазиятни яхшилашимиз керак. Албатта, маданий объектларга алоҳида эътибор қаратиш лозим»

, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Корхона раҳбарияти соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт соҳаларига алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. Хусусан, келгуси йилда Жезқазған шаҳрида болалар спорт академияси ва 200 ўринли мактаб-интернат қуриш кўзда тутилган.

Қасим-Жомарт Тоқаев спорт иншооти қурилиши турли спорт турларини қамраб олувчи кўп функцияли бўлиши кераклигини таъкидлади. Корхона, шунингдек, янги стандартлар бўйича уй-жой қурилишини бошлашни ҳам режалаштирган.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив