Венгриядаги отлар тарихига бағишланган кўргазмада Ботай маданияти намойиш этилди
18 Февраль 08:20

Венгриядаги отлар тарихига бағишланган кўргазмада Ботай маданияти намойиш этилди

BUDAPEST. Kazinform - Будапештда Венгрия табиий тарих музейи ва Венгрия - Турон халқаро жамғармаси ҳамкорлигида йилқичилик тарихи ва эволюциясига бағишланган кўргазма очилди. Тадбирда Қозоғистоннинг Венгриядаги Элчиси Жанибек Абдрашов, соҳа мутахассислари, олимлар ва дипломатлар иштирок этди. Бу ҳақда Kazinform Халқаро жамғарма матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Кўргазманинг очилиш маросимида отни хонакилаштириш, унинг ҳудудий табиатга қараб турлари, кўчманчи цивилизациядаги ўрни ва венгерларнинг қадимий маданияти билан боғлиқлиги ҳақида сўз юритилди.


Отлар хонакилаштирилган ҳудуд сифатида биринчи марта жаҳонга машҳур бўлган Қозоғистон ҳудудида Ботай маданияти алоҳида ўрин тутади. Ташриф буюрувчилар Марказий Осиё ва Шарқий Европа даштларидаги йилқичилик маданияти билан танишдилар. Кўргазманинг асосий элементи - Шимолий Қозоғистоннинг Ботай маданиятида хонакилаштирилган Пржевалский оти (зоолог Имре Исаакнинг иши) ҳайкали. Евроосиё чўлининг бошқа қисмларига нисбатан хонаки отларнинг тарқалишининг сўнгги археологик ва генетик тадқиқотлари ҳам тақдим этилди. Хунлар даврига оид махсус тикилган уйлар ва отлиқларнинг ҳайкаллари кўчманчи турмушнинг асосий экспонатларини намойиш этади. Кўргазманинг навбатдаги муҳим қисми илк ўрта аср от жиҳозларига бағишланган. Ҳунлар истилоси даврига оид жиловлар, узанги ва сувлиқлар реконструкциялари қўйилди.


Венгрия-Турон халқаро жамғармаси президенти, антрополог Андраш Биро ҳам отнинг нафақат венгер халқи иқтисодиётида, балки ижтимоий ҳаётида ҳам катта аҳамият касб этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, отга бўлган меҳрни уйғотиш, уни ёш авлодга етказишда профессионал спортчилар билан бир қаторда олимлар, анъанапарварларнинг ҳам хизмати катта. Кўргазма фотограф Фанни Бачскаининг Ахал-Теке отини акс эттирган бир қатор фотосуратлари билан тўлдирилди.

Эслатиб ўтамиз, антрополог Андраш Биро Евроосиё даштлари тарихини ўрганувчи тадқиқотчи ҳисобланади. Миграция жараёнларини биологик моделлаштириш ва турли тарихий даврларда яшовчи халқлар популяцияларини генетик таҳлил қилиб, тарихий экспедициялар уюштиришган. «Венгрия-Турон» халқаро жамғармасининг асосий мақсади илмий жамоатчиликни илк туркий-хун маданиятини тиклашга жалб этиш, бу борадаги тадқиқотлар орқали тарихий илдизларни оммага кўрсатишдан иборат.


Янгиликлар

Архив